logo

Аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бугунги кунда муҳим вазифалардан биридир.

Озиқ-овқат қўшимчалари бу таъмни сақлаш ёки таъмини, кўринишини ёки бошқа хусусиятларини яхшилаш учун овқатга қўшиладиган моддалар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда озуқавий қўшимчаларсиз технологик жараён йўқ. Масалан, нон ишлаб чиқаришда ачитқи ёки сода ишлатилиши ҳам шулар жумласидан.

Маҳсулотларнинг яроқлилик муддатларини узайтириш мақсадида қўлланиладиган консервантлар ёки шакар ўрнини босувчи ширинликлар қўшилади. Аммо, кўпчилик озиқ-овқат қўшимчалари сунъий, яъни кимёвий моддалар синтези натижасида олинади. Шу сабаб, уларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда қўлланишини назорат қилиш зарурияти мавжуд.

Халқаро Кодекс Алиментариус ташкилотининг тавсияларида озиқ-овқат қўшимчалари Е ҳарфи билан белгиланган бўлиб, қуйидаги гуруҳлардан иборат:

E100–E199 – бўёқлар;

E200–E299 – консервантлар;

E300–E391 – оксидланишга қарши ва кислоталикни меъёрловчи моддалар;

E400–E481 – стабилизаторлар, эмульгаторлар ва қуюқлантирвучи моддалар;

E500–E585 – бошқа турдаги қўшимчалар;

E600–E699 – таъм ва ароматни кучайтирувчи моддалар;

E700–E899 – янги турдаги қўшимчалар;

E900–E999 – сирловчи (ялтиратувчи), ширинлик ўрнини босувчи, унни оқартирвучи қўшимачалар;

E1100–E1105 – ферментлар.

«Е» коди берилди дегани у суньий ёки кимёвий деган тушунча эмас. Масалан, Е160a “каротинлар”, Е162 “лавлаги бўёғи“, Е170 “карбонат кальций”, Е300 “аскорбин кислотаси” ва бошқа шунга ўхшаш болалар учун фойдали бўлган қўшимчалар мавжуд.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида болалар учун мўлжалланган махсус маҳсулотларда 0283-10 сонли “Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигига бўлган гигиеник талаблар” Санитария қоидалари талабига мувофиқ сунъий озиқ-овқат қўшимчаларидан фойдаланиш тавсия этилмайди.